БУХОРОЛИК ЧЕМПИОНЛАР «SPARK” АВТОМАШИНАСИГА ЭГА БЎЛДИ

Бухоро ёшлар марказида Аргентинанинг Буэнос-Айрес шаҳрида бўлиб ўтган учинчи ёшлар олимпиадаси ва Индонезиянинг Жакарта шаҳрида ўтказилган 18-параосиё ўйинлари ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Бунда Бухоро вилояти ҳокими Ўктам Барноев ҳамда Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси президенти Умид Аҳмаджонов иштирок этди.

— 2018 йилда спорт соҳасида Бухоро вилоятида юксак натижалар қайд этилди. Улкан ютуқларга эришган спортчиларни рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш борасида эътиборни ҳеч қачон сусайтирмаймиз. 2019 йилда энг чекка туманларда ҳам болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари ташкил этилади. Ҳар бир туманда спорт майдонлари, залларини таъмирлаш ва тўлиқ жиҳозлаш чоралари кўрилади. Шу ўринда таъкидлаб ўтиш керакки, айни пайтда Бухорода 140 миллиард сўмлик жуда катта ёпиқ спорт манежини барпо этиш ишлари бошлаб юборилган. 2020 йилда Токиода ўтказиладиган ёзги олимпиадага пухта тайёргарлик шу мажмуадан бошланади деган ниятдамиз, – дейди вилоят ҳокими.

Ўктам Барноевнинг айтишича, 2019 йилда вилоятда спортни ривожлантириш учун маҳаллий бюджетдан қарийб 40 млрд сўм ажратилган бўлиб, бу маблағ спортчиларга шароит яратиш ва спорт мактабларини ривожлантиришга йўналтирилади.

Тадбирда ўтган 2018 йилда бухоролик спортчилар жаҳон чемпионатларида 14 та, Осиё чемпионатларида 32 та, халқаро турнирларда 24 та, республика чемпионати ва биринчиликларида эса 863 та медални қўлга киритгани маълум қилинди.

— Мен болалигимда нуқсоним боис, ўзимни жамиятга бегонадек ҳис қилардим. Одамови, тортинчоқ эдим. Бироқ, Когон тумани болалар ва ўсмирлар спорт мактаби мураббийи Ҳилола Рамазонова менга куч, ишонч бағишлади. Бугун мураббийимнинг ишончи менга қанот. Ҳали ғалабаларим олдинда. Келгуси параосиё ўйинларида олтин медални қўлга киритиш учун бор куч-ғайратимни ишга соламан,-деди Параосиё ўйинларида енгил атлетика тури бўйича бронза медали соҳиби Муҳаммад Рисқинов.

Тақдирлаш маросимида 8 нафар спортчи ва уларнинг мураббийларига қимматбаҳо совғалар берилди. Жумладан, III ёшлар олимпиадаси ғолиблари, ёш боксчи Абдумалик Халоков ҳамда эркин курашчи Умид Жалоловга “Spark” автомашинаси топширилди.