ГОБЕЛЕН САНЪАТИ ЗАВҚИ

           Гобелен сўзи  илк  маротаба 17  асрда  Францияда қўлланилган  Амалий  санъат тури  ҳисобланган. Ушбу ҳунар билан қадимий  Грецияда , кўҳна  Римда, Америка, Хитойда  ҳам  шуғулланишган.  Унда  зар, жун, ипак  иплардан фойдаланилган  ва  шу  асосда  матодан  тасвирий санъат асари  яратилган.

Унда замонавий технологиялар уйғунлашган ҳолда хам ишлов берилади. Бу  ҳунар кейинчалик  18 асрда  германиялик ҳунармандлар томонидан оммалашган. Унда  матонинг қалинлиги ва ипларнинг  рангдорлигига ҳам эътибор қаратилган . Вақт  ўтган сайин гобелен  санъати Польша хамда  Литвани ҳам  қамраб олган. Маросимлар зали ҳамда  тарихий  музейларни  безашда  гобелен  услубидан  фойдаланилган. Тикишнинг бу тури  ҳар бир даврда  турли  услублари  билан ажралиб турган. Айни даврда  эса  ушбу  бетакрор ҳунар турини Россия, Белгия, Франция, Италия давлатларида, шунингдек,  Японияда ҳам учратиш  мумкин.

Оддий матога  кашта тикилса, у  санъат асарига  айланади. Шунинг учун  азалдан каштачилик  ўзининг камалакдек рангларию нафис гуллари билан дунё аҳлини лол қолдирган. Айниқса,   Х1Х аср охири ва ХХ аср  бошларигача  бу санъат Бухорода жуда ривожланган ва кейинчалик  бошқа ҳунармандчилик турлари каби каштачилик  ҳам инқирозга юз тутган. Эндиликда эса ҳунармандчиликнинг бу тури  қайта тикланиши  баробарида  янги йўналишлари билан ҳам  бойимоқда. Орамизда Бухоро  каштачилик мактабининг қадимги  анъаналарини  ўрганиб, уни  янгича мазмун билан бойитаёгтан ҳунармандлар кўп.

Нигора Неъматова  Бухоро тиббиёт коллежи  ўқувчиси. У бувисидан  кашта  тикиш  сиру  синоатларини  ўрганган. Кейинчалик   Когон  шаҳридаги  9-умумтаълим мактабида   таълим олаётган  даврида  технология  фани  ўқитувчиси Нилуфар Муиновадан  гобелен  услубида  кашта  тикиш  сирларини   ўрганган. Зукко ўқувчимизда  бу қандай услуб экан, деган савол туғилиши ўринли. Устанинг ишини кузата туриб, уни  зардўлик  дастгоҳида  бигиздўзлик қилаяпти, деб ўйлайсиз. Диққат билан қарасангиз, у   тикиш учун  мослаштирилган  махсус нинадаги ипни матога илдириб чиқаради. Матонинг юза қисми тикилгандек орқа томони эса  худди илгакдек бўлиб қолади. Ана  шу  кўп  илгакчалар бирлашиб, матонинг айнан астари  санъат асарига  айланишига кўмак беради. Энг қизиғи,   илгакларни гарчи каштадуўз кўрмаса-да, ҳаммаси бир хил ўлчамда. Бу  хам  маҳорат.

Нигора миниатюра тасвири  туширилган  асарлар  яратиш устида изчил изланишлар олиб борди ва  ниҳоят,  гобелен—  корчўбдаги  халқ амалий санъати  услубида ўрта  асрлар Бухоро миниатюраси таъсиридаги  гўзал ва бетакрор ишлар дунёга келди. Ёш устанинг  ишлари  қатор  кўрик-танлов ҳамда  кўргазмалардан жой олди. Айниқса,  Ўзбекистон мустақиллигининг  25  йиллигига бағишланган “Ўзбекистон — умумий уйимиз” фестивалида  “Энг  яхши  амалий  санъат устаси” номинациясини  қўлга киритди. “Ташаббус – 2018”  кўрик-танловининг Когон шаҳар босқичида  1-  ўринни эгаллади ҳамда  вилоят босқичида иштирок этиш ҳуқуқини  қўлга киритди. У  “Йилнинг энг намунали  ёш хунарманди” номинациясига ҳам эга бўлган.

Бундай  ютуқларни кўплаб келтириш мумкин. Ҳунармандимиз Бухоро каштадўзлигига хос бигиз билан “йўрмадузўлик” услубида, шунингдек,  қўлда  кашта  тикишни ҳам ўзлаштираяпти. Нигорани ота онаси уни  маънан қўллаб-қувватлаб туриши   ишларининг  янада  қанот қоқишига кўмак берди.  “Хунарманд” уюшмаси  аъзоси ёш бўлишига қарамасдан, ўз  шогирдлари бор. Нигорага  ўхшаган  бетакрор ёғду таратаётган    ҳунармандлар  Бухорода  кўпчиликни ташкил этади. Чунки  уларни  ижодкорликка    ундаб турувчи  қадимий ёдгорликлар,  осори  атиқалар бор.

Меҳрибон Зарипова, журналист.