ЎЗБЕКИСТОН ЁШЛАРИ — ЯНГИ ЗАМОН БУНЁДКОРЛАРИ!

Биз, аввало, мана шу шиор замирида ёшларнинг буюк ва қудратли келажаги, гўзал ва фаровон ҳаёти акс этиб турганини, у ёшларга ниҳоятда ифтихор ва куч бағишлашини унутмаслигимиз даркор!

— Ёшларнинг шу Ватанга керак эканлигини такрор-такрор уқтириб турадиган мазкур янги фестиваль йигит-қизларни фарзанд сифатида юртга хизмат қилишга ва унинг тараққиётига ҳисса қўшишга чорлайди. Айни пайтда Бухорода ўтказилиши кутилаётган ушбу ёшлар фестивалини катта қувонч, ҳаяжон ва ўзгача тайёргарлик билан кутиб оляпмиз,-дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши раиси Ҳамза Рўзиев,- қалби қайноқ, юраги юртни яшнатиш, бунёдкорлик ишқи билан ёнаётган келажагимиз ворисларини маънан рағбатлантиришга қаратилган фестиваль кўҳна заминимизга янгича нафас олиб кириши, шубҳасиз. Фестиваль ҳудудларга ижтимоий инвестиция киритиш, ёшлар тузилмасини ривожлантириш, ёшларнинг таълим олиши, спорт билан шуғулланишига шарт-шароитлар яратиш ҳамда уларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилган ҳолда мустақил ҳаётда ўз ўринларини топишларига амалий ёрдам бериш мақсадини кўзлайди. Бир тану бир жон бўлиб, ҳамжиҳатлигу ҳамкорликда бетакрор фестивални қаршилаймиз.

Фестиваль доирасидан ўрин олган “Карьера куни”, “Муваффақиятга эришиш сирлари”, “Конституция ҳафталиги”, “Фарзандлик бурчим”, “Ёшлар кутубхонаси”, “Ёшлар нашрлари куни”, “Ёшлар уйлари”ни топшириш каби ўттиздан зиёд йирик лойиҳаларда мамлакатимиз ёшларининг ислоҳотларга даҳлдорлик туйғусини шакллантириш ва ижтимоий фаоллигини оширишдек вазифалар мужассам. Шунингдек, турли йўналишларда ўз имкониятларини синовдан ўтказадиган ёшлар ўз интеллектуал қобилиятлари, ташаббускорлик лаёқатларини кашф этишади.

Албатта, ана шундай оташқалб, фидоий ёшлар ўз ўрнида рағбатга муносиб. Зеро, ёшларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш, ўз истеъдод ва маҳоратларини оширишда елкадош туриш ёшлар ташкилотига хос. Ёшлар иттифоқи бу гал ҳам шу анъанани муносиб сақлайди. Фестиваль давомида фаол иштирок этган ташаббускор, интилувчан, билимда пешқадам йигит-қизлар тақдирланишади.

“Ўзбекистон ёшлари — янги замон бунёдкорлари” фестивалига қучоқ очайлик!

Зулфизар Мавлонова