ЯНГИ ҒОЯ, ТАШАББУСГА ЙЎЛ

Халқаро бизнес ва технологиялар ассоциацияси, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда ташкил этилган Глобал Тадбиркорлик Ҳафталиги (GEW) 14 ноябрь куни Бухоро ёшлар марказида ҳам бўлиб ўтди.

Тадбирнинг Бухорода ўтказилган учрашувларида Америка қўшма штатлари, Эстония ва Исроил давлатидан келган топ-менежерлар, инвесторлар ва тадбиркорлар иштирок этишди.

“GroundZero” коворкин маркази раҳбари Абдулаҳад Қўчқоровнинг билдиришича, Глобал тадбиркорлик ҳафталиги дунёдаги тадбиркорларнинг янги ғоя ва ташаббусларига туртки берувчи муҳим воқеликдир.

— Тадбирдан кутилган мақсад — тадбиркорлик доиралари вакилларининг ҳамкорлигини йўлга қўйиш, ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, бизнесни ривожлантириш учун халқаро амалиёт ва воситаларни намойиш этишдан иборат. Айтиш жоизки, ҳафталик асосан, бизнес лойиҳаларини амалиётда қўллаётган ёшлар тажрибасини янада ошириш ва уларга тадбиркорлик экотизимини ривожлантиришга қаратилган”,- деди Абдулаҳад Қўчқоров ўз сўзида.

Тадбиркорлик соҳасида янгилик яратувчилар ва иш берувчиларга мўлжалланган ушбу халқаро тадбирда  “Startap Estoniya” компанияси раҳбари (Эстония) Maarika Tru, исроиллик “Duko” инновацион хаби асосчиси Елена Донец “Бизнес ва давлатлар билан алоқа”, “Ҳаёт ва бизнесда анъанавий фикрлаш ва стратегик музокаралар” мавзуларида маърузалар қилишди. Ишбилармон доира вакиллари ўз бизнес тажрибаси ҳақида сўзлаб берди.

Ҳафталик доирасида маҳаллий ва чет эллик экспертлар, тажрибали ишбилармонлар томонидан маҳорат дарслари ташкил этилди. Маҳорат дарсларида ўзбекистонлик ёшларга тадбиркорлик учун инфратузилма, истиқболли ҳаракатларнинг ривожланиши, хотин-қизлар тадбиркорлиги ва инвестицияларни жалб этиш борасида сабоқлар олиб борилди.

— Ўзбекистонда тадбиркорлик муҳити жуда тезкор ривожланиб бораётганини кузатаяпмиз. Айниқса, бу соҳага ёшлар жалб этилаётгани, уларни қўллаб-қувватлаш орқали етарли имкониятлар яратиб берилаётгани эътиборга молик. Ўз ўрнида биз ҳам ўзбекистонлик ёш тадбиркорлардан маркетингни ривожлантириш сирларини ўргандик,-деди Эстониядаги “Cherri Media” компанияси раҳбари Andres Susi, — Мен 16 ёшимда ўз компаниямга эга бўлганман. Йирик ижарага берувчи орендаторман. Ҳамма ишни “ноль”дан бошлаганман. Командамда 10 нафар киши бор эди. Лекин пулим йўқ эди. Дўстларимга ваъда бердим. Тадбиркорлик бошидаги омадсизликдан чўчимадик. Барчамизни ишонч ва якдиллик бирлаштирди. Йирик компания раҳбари бўлдим. Ишонч тадбиркорнинг энг катта ютуғи ва асосий бойлиги.

Глобал тадбиркорлик  ҳафталиги дунёнинг 160 дан ортиқ давлатида ўтказилиши режалаштирилган. Айни пайтда ҳафталик Самарқанд ва Фарғона вилоятларида давом этади.

Лайло Ҳайитова