ЖАҲОН РЕКОРДЛАРИ ЯНГИЛАНДИ

Бухоро шаҳри спортнинг тош кўтариш тури бўйича илк бор жаҳон чемпионатига мезбонлик қилди. Катталар, ўсмирлар, фахрийлар ва имконияти чекланганлар ўртасида ўтказилган ушбу чемпионатда жаҳон рекордлари янгиланди.

Мазкур жаҳон чемпионатида Ўзбекистондан ташқари яна 13 та давлат терма жамоалари қатнашди. Россия, Украина, Ҳиндистон, Афғонистон, Тожикистон, Япония, Хитой, Қирғизистон, Қозоғистон ва бошқа давлатлардан келган жами 276 нафар иштирокчи ғолиблик учун баҳсга киришди.

Чемпионатда энг кўп медалларни Ўзбекистон терма жамоаси вакиллари қўлга киритишди. Катталар ўртасидаги баҳсларда 69 ёшли бухоролик Жума Ўринов 16 килограммлик тошни 156 марта кўтариб, жаҳон чемпиони унвонини қўлга киритди. Қорақалпоғистонлик Асадбек Ўзганбоев ҳамда бухоролик Ғайбулла Раҳматов ёшлар ўртасидаги баҳсларда 24 килограммли тош кўтарди. 12 ёшли андижонлик Рухсона Толибжонова эса 16 килограмм оғирликдаги тошни 130 мартадан ортиқ кўтариб, муваффақиятга эришди.  Бу билан Ўзбекистон терма жамоасининг жаҳон чемпионатида биринчи ўринга эгалик қилишини таъминлашди.

— Бухоро шаҳридаги “Ҳумо” спорт мажмуасида тош кўтариш бўйича ўтказилган ушбу жаҳон чемпионатида Ҳиндистон, Афғонистон, Тожикистон каби давлатлардан келган спортчилар ҳам ўз вазн тоифаларида ютуқларга эришди. Бироқ, Ўзбекистон терма жамоаси вакилларининг чиқишлари барчамизни ҳайратга солди. 21 та олтин, 18 та кумуш ва 12 та бронза медаль билан маҳоратда кучли ва тажрибали эканлигини исботлади. Жаҳон рекордлари янгиланди,-деди халқаро тош кўтариш федерацияси президенти Юрий Сербина.

Жаҳон чемпионатида Украина терма жамоаси Ўзбекистондан кейинги ўринни эгаллади. Қозоғистон терма жамоаси эса учинчи ўринни қўлга киритди.