Бухорода ери тортиб олинишидан шикоят қилган фуқаро ўзига тегишли бўлмаган майдондан шахсий эҳтиёж сифатида фойдаланиб келган

Бухорода ери тортиб олиниши ҳақида турли ижтимоий тармоқларга мурожаат қилган фуқаро Хосият Жалолова, аслида, ўзига тегишли бўлмаган 500 кв.метрли майдондан ҳеч қандай ҳужжатларсиз шахсий манфаати йўлида фойдаланиб келган. Бу ҳақда Бухоро шаҳар ҳокими ўринбосари Қаҳрамон Дўстов маълум қилди.

Билдирилишича, Бухоро шаҳридаги “Дилкушои Берун” массиви, яъни  собиқ “Бухороёғэкстракт” ОАЖ ҳудудида  2014 йилдан буён Бухоро вилояти ҳокими қарори ва бош режа-лойиҳа асосида қурилиш-монтаж ишлари олиб борилмоқда. Ҳозирга қадар 57 та уй-жой қуриб битказилган. Бироқ, битта ўрта кўп қаватли уйни тиклашда фуқаро Хосият Жалолованинг мурожаати сабаб зиддиятли ҳолатлар учраган.

Мен Бухоро шаҳридан Жалолова Хосият. 2009 йилда рухсат олиб, ўз меҳнатларим билан яратган мевали дарахтли боғимни жорий йилнинг 16 ноябрь куни бульдозер билан суриб, бузиб ташлашди. Худди Бухорода қуриш учун ер тамом бўлгандай айнан менинг боғим ўрнига уй қурилиши шарт экан. Бунинг ҳаммаси адолатнинг йўқлигидан, ноҳақликлар давом этаётганидан далолат беради. Мансабдорлар алмашаверади, лекин адолатсизлик давом этаверади”,-дейилган мурожаатда.

“Бухороёғэкстракт” ОАЖ заводида 1990-2010 йиллар давомида омбор мудири вазифасида ишлаб келган Бухоро шаҳрилик Хосият Жалоловага ўз ёзган аризасига биноан, касаба уюшмасининг 29.12.2008 йилдаги  10-сонли карори билан заводнинг ўнг томонидаги бўш ер майдони кўкаламзорлаштириш учун рухсат берилган. Бухоро шаҳар архитектура ва қурилиш бошқармасининг 21.05.2009 йилдаги 923-сонли хати асосида Хосият Жалолова бўш турган 500 кв.метр ер майдонда кўкаламзорлаштириш ишларини амалга ошириб, боғ яратган. Ер майдонидан шахсий эҳтиёж сифатида фойдаланиб келган.

 “2010 йилда эса Бухоро шаҳар ҳокимининг 26.03.2010 йилги 363 — сонли “Ер майдонларини захирага олиш тўғрисида”ги қарори асосида “Бухороёғэкстракт” ОАЖнинг Когон туманига кўчирилиши муносабати билан унинг балансида бўлган жами 109666 кв.м. ер майдони Бухоро шаҳар ҳокимлиги балансига ўтказилган. “Ермулккадастр” хизмати  томонидан “Бухороёғэкстракт” ОАЖга тегишли бўлган барча ер майдонлари белгиланган тартибда ҳисобдан чиқарилган. Собиқ экстракция заводи ҳудудида, яъни 10 гектардан ортиқроқ гектар бўлган майдонда намунавий, ўрта қаватли, кўп хонадонли турар жойлар, савдо мажмуаси, хизмат кўрсатиш шахобчалари, спорт майдончалари қурилиши белгиланган. Хосият Жалолованинг айтишича, бу жой илгари ахлат уюмлари тўлиб тошган қаровсиз аҳволда бўлган. Тозалаш ишларини олиб боргандан сўнг у ҳудуд атрофини ҳам ўраб олиб, деҳқончилик билан шуғулланиш шароитларини яратган. 10 йилча вақт давомида ўзи ўтқазган кўчатларининг ҳосилидан баҳраманд бўлган. Эндиликда эса бу жойда шаҳарсозлик нормаларига тўла мос келувчи муҳташам иморат   қад ростлайди”,— деди Бухоро шаҳар ҳокими ўринбосари    Қаҳрамон Дўстов.

Бухоро шаҳридаги Низомий кўчаси, 21-уйда истиқомат қилиб келаётган Хосият Жалолова ер менга тегишли, деб даъво қилган. Ўзининг ҳақ эканлигини исботлашга уриниб, тегишли ҳужжатлари борлигини айтган.

Хосият Жалолова тақдим этган Бухороёғэкстракт” ОАЖ касаба уюшмасининг 29.12.2008 йилдаги  10-сонли карори билан заводнинг ўнг томонидаги бўш ер майдони кўкаламзорлаштириш учун берилган рухсат ушбу фуқарога ерни ўзлаштириш ёки ундан доимий равишда фойдаланиш учун ҳеч қандай ҳуқуқ бермайди. Чунки, мазкур ер “Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси”да рўйхатдан ўтказилмаган. Бу ҳақда архив ва бошқа маълумотлар базасида ҳеч қандай ҳужжатлар қайд этилмаган, — деди Бухоро шаҳар ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси бошлиғи Акобир Асадов, -“Бухороёғэкстракт” заводи аллақачон ўз фаолиятини тугатган. Ваҳоланки, унга тегишли қарорлар, фармойишлар ҳам ўз кучини йўқотган. Хосият Жалолова ўша маҳалда ОАЖ тасарруфидаги ерни ободонлаштиришга рухсат олган, холос. Лекин ҳалигача ўзбошимчалик билан қурилиш ишларига тўсқинлик қилмоқда”.

Қурилиш ишларини амалга ошира олмаётган  “Электрпайванд-инвест” хусусий корхонаси ушбу ҳолатни бартараф этиш, қурилиш ишларини амалга оширишда ҳуқуқий ва амалий ёрдам сўраган. Бухоро шаҳар ҳокимлигига йўллаган 28.04.2017 йилги 3-сонли ва 12.04.2018 йилги 4-сонли мурожаалар асосида Бухоро шаҳар ҳокимлиги томонидан Фуқаролик ишлари бўйича Бухоро туманлараро судига 12.06.2018 йилда 01/817-сонли даъво аризаси киритилган.

Мазкур даъво аризаси эса Фуқаролик ишлари бўйича Пешкў туманлараро суди томонидан ўрганиб чиқилган. Суд мажлисларига бир неча бор чақиртирилишига қарамай, Х.Жалолова судга нисбатан ҳурматсизлик қилиб, суд мажлисларига келмаган. Шу сабабли суд жараёнлари бир неча ойга чўзилган. 2018 йил 18 сентябрда Фуқаролик ишлари бўйича Пешкў туманлараро суди томонидан Хосият Жалоловага олиб борилаётган қурилиш ишларига тўсқинлик қилмаслик, ушбу ҳудуддан мажбурий тартибда чиқарилиши ва қурилиш ишларига тўсқинлик қилмаслик мажбурияти белгиланган.

Фуқаро Хосият Жалоловага нисбатан бир неча марта шаҳар ҳокимлиги, маҳалла фуқаролар йиғини, ИИБ ходимлари томонидан тушунтириш ишлари олиб борилган. Лекин Хосият Жалолова ушбу ер майдонини бўшатишдан бош тортиб, қурилиш ишларини жадвал асосида олиб борилишига тўсқинлик қилган.

Хосият Жалолова бир неча йилдирки, бу йўл меники, бу боғ  меники, деб ёзмаган жойи қолмади. Ҳатто, биз, қўшниларни ҳам пиёда ҳолда катта кўчага чиқишимизга қаршилик кўрсатиб келмоқда, -дейди қўшниси Фахриддин Ортиқов,- Мана шу боғ канализация тармоқларининг издан чиқишига олиб келди. Ҳар сафар ерни суғорганида ертўлаларимиз сувдан тўлиб қоляпти. Иморатларимиз зиён кўрмоқда. Буни опанинг ўзига бир неча бор тушунтиришга уриндик. Аммо у бизни эшитишни умуман хоҳламайди. Унинг учун фақат ўзи билган йўл тўғри. Мен бу жойлар обод масканга айланиши тарафдориман. Аммо мева тугадиган кўчатлар билан Хосият Жалолова шунчаки ер майдонини ўз тасарруфига ўтказишдан бошқасини ўйламаяпти”.

Ҳал қилув қарори устидан 20 кунлик муддат ичида ФИБ Бухоро вилоят судига шу суд орқали аппеляция тартибида шикоят ёки протест келтирилиши мумкинлиги кўрсатилган бўлса-да, фуқаро Хосият Жалолова ҳозирги кунгача шикоят келтирмаган.

“Аммо у ўзининг муаммоси, деб қараётган масалани бугун ёлғон маълумот тарқатиш йўли билан ижтимоий тармоқлардан фойдаланмоқда. Турли бўҳтон, нообъектив ва қайта текширилмаган маълумотларни тарқатиш билан ҳокимият идораларига нисбатан аҳоли орасида салбий фикрлар келтириб чиқаришга уринмоқда”,- деди Бухоро шаҳар ҳокимлиги мутахассиси Илёс Зокиров.